SO'NGI
YANGILIKLAR

Жиззахда Марказий Осиёда ягона бўлган корхона очилди

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 26 декабрдаги “2017-2019 йилларда тайёр маҳсулот турлари, бутловчи буюмлар ва материаллар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришнинг истиқболли лойиҳаларини амалга оширишни давом эттириш тўғрисида”ги қарори имзоланган.

Қарорда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари ўртасида саноат кооперациясини кенгайтириш, маҳаллий хомашё ресурслари негизида импорт ўрнини босадиган ва ички бозорни зарур истеъмол товарлари, дори-дармон воситалари, ишлаб чиқариш-техник аҳамиятдаги маҳсулотлар, бутловчи буюмлар ва материаллар билан тўлдиришни таъминлайдиган корхоналар барпо этиш белгилаб қўйилганди.

Қарорга асосан маҳаллий хомашёни қайта ишлаб тайёр маҳсулотга айлантирадиган Жиззах вилоятининг Фориш туманида йирик лойиҳалардан бири нафақат Ўзбекистонда балки Марказий Осиёда ягона бўлган, айтиш жоизки, вилоят учун якунланаётган йилнинг энг муҳим воқеаларидан бири Буюк Британия давлатининг Leigh Barrier LLP компанияси билан қўшма корхона сифатида Mega invest industrial шаклидаги масъулияти чекланган жамияти ишлаб чиқариш корхонаси фойдаланишга топширилди. 

Қўшма корхонани очилиш маросимига чет эллик ҳамкорлар, вилоят ва туман ҳокимлиги кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Тадбирни вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Алишер Худайбердиев кириш сўзи билан очиб берди. Шундан сўнг, тадбир иштирокчиларига корхона бўйлаб экскурсия ташкил этилди.

Қўшма корхонанинг қурилиш ишлари Россия Федерациясининг RB Engineering компанияси муҳандислари томонидан 2016 йилнинг февраль ойида бошланган бўлиб, жорий йилнинг декабрь ойида тўлиқ якунланди. Қурилиш-монтаж ишлари учун корхонанинг 8,4 минг АҚШ долларида шахсий маблағ сарфланди. Ташқи иқтисодий фаолият Миллий банки томонидан 13,0 млн. АҚШ долларида кредит маблағлари ажратилиб, Россия, Туркия, Германия ва Австрия сингари давлатлардан асбоб-ускуналар олиб келиб ўрнатилди.

- Қўшма корхонамизнинг I-II босқичлари амалга оширилиши натижасида маҳаллий хомашёни маҳаллийлаштириш ҳисобига йиллик 2,5 минг тонна базальт толасидан ип маҳсулоти ва 2,9 минг тонна арматура ишлаб чиқарилиб, йилига 15 млн АҚШ доллари қийматида Афғонистон, Саудия Арабистони ҳамда Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги давлатларига экспорт қилишни режалаштирмоқдамиз, - Mega invest industrial шаклидаги масъулияти чекланган жамияти ишлаб чиқариш корхонаси раҳбари Ёрқин Тилябов.

Энг муҳими, мазкур корхонанинг I-II босқичлари ишга туширилиши натижасида 90 та янги иш ўрни яратилса, III-IV босқичларида 150 нафар фуқаро, айниқса, коллеж битирувчиларининг бандлиги таъминланади.

17-01-2018